Депутатлик назорати доирасида инвестиция лойиҳаси ўрганилди
2026-06-05 10:35:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Фарғона тумани Кенгашининг қарори ижроси юзасидан 2026-йилда Фарғона туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар мониторинги давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда туман Кенгаши депутати Фаррухбек Абдусаломов томонидан “Кончилар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Миндон нурли чашмаси” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган тунука маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида корхонада амалга оширилаётган қурилиш ишлари, ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳамда лойиҳа ижроси ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва қўшимча иш ўринларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши иқтисодий фаолликни ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.




