Иқтидорли спортчи Шаҳнозахон Ҳакимова ҳолидан хабар олинди
2026-06-04 20:35:00 / Янгиликлар

“Ёшлар куни” тадбирлари доирасида Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов, туман прокурори Ойбек Тошпулатов ҳамда Солиқ инспекцияси бошлиғи Ихтиёржон Султонов томонидан туманнинг “Оқбилол” МФЙ, Истиқлол шукронаси кўчасида истиқомат қилувчи иқтидорли спортчи Шаҳнозахон Ҳакимова хонадонига ташриф буюрилди.
Ташриф давомида спортчимиз Саудия Арабистонининг Ал-Қасим провинциясида пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтказилган қитъа биринчилигида фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритгани билан самимий табрикланди.
Суҳбат жараёнида Шаҳнозахоннинг келгусидаги спорт фаолияти, машғулотлар учун яратиладиган шароитлар ҳамда билдирган таклифлари муҳокама қилинди. У томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ёш спортчиларнинг ютуқларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро мусобақалардаги муваффақиятларини эътироф этиш ҳамда спорт соҳасини янада ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.




