Таълим муассасаларидаги ишлар депутатлик назоратида
2026-06-04 12:00:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши қарори ижросини таъминлаш юзасидан туман Кенгаши котибияти мудири Шухратжон Раҳимов ҳамда туман Кенгаши депутати Озодахон Дадажонова томонидан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида назорат ўрганиши ўтказилди.
Ўрганиш давомида умумтаълим мактабларини замонавий компьютер техникалари билан жиҳозлаш, мактабгача таълим ташкилотлари учун зарур жиҳозларни харид қилиш, шунингдек, таълим муассасаларида амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳолати атрофлича кўриб чиқилди.
Мутасаддилар билан ўтказилган мулоқотда ажратилган маблағлар доирасида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилаётгани, таълим муассасаларида шарт-шароитларни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини тасдиқловчи ҳужжатларни туман Кенгашига тақдим этиш, молиявий маблағлардан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда ушбу йўналишдаги депутатлик назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Таълим муассасаларида яратилаётган шароитлар, амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат ишлари депутатлар томонидан изчил давом эттирилади.

