Фарғона туманида вилоят прокурори иштирокида сайёр қабул ўтказилди
2026-06-04 11:30:00 / Очиқ мулоқотлар

Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоилов томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида Фарғона тумани Маданият бўлими биносида сайёр қабул ташкил этилди.
Фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашган қабул жараёнида электр таъминоти, суд-ҳуқуқ масалалари, ишга жойлашиш, ижро ҳужжатлари ижроси, моддий ёрдам олиш ҳамда имтиёзли кредит ажратиш билан боғлиқ мурожаатлар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксариятига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, амалий ечимлар топилди.
Қабул давомида вилоят прокурори томонидан жами 31 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилинди. Шундан 5 таси соғлиқни сақлаш, 2 таси ижтимоий ҳимоя, 2 таси ер муносабатлари, 1 таси уй-жой, 2 таси суд қарорлари ижроси, 10 таси суриштирув ва тергов жараёнлари ҳамда 6 таси бошқа масалаларга оид мурожаатлардан иборат бўлди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида 2 нафар фуқаронинг масаласи жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган 29 та мурожаат эса назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли масъулларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, сайёр қабул доирасида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Аюбхон Раҳматуллаев, Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Салманов, Фарғона вилоят суди раиси Акром Утаев, Фарғона вилояти маъмурий суди раиси Шерзод Мирзахакимов ҳамда Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов томонидан ҳам фуқаролар учун шахсий қабуллар ташкил этилди.









