Фарғона тумани ҳокимлигининг расмий муносабати
2026-06-03 20:00:00 / Расмий муносабатлар

Ижтимоий тармоқларда Фарғона туманининг Саткак маҳалласида сел сувлари оқибатида аҳоли хонадонлари сув остида қолгани акс этган видео мурожаат тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ҳокимлиги, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Давронбек Отамирзаев ҳамда тегишли мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб, ўрганиш ишларини олиб борди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 27 май куни кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида маҳалла ҳудудидаги дала майдонларига берилган сув ёмғир сувлари билан қўшилиб, ариқ-зовур коллектор ташламаси (пайнов) орқали оқиб чиқиши жараёнида ариқ тошган. Натижада сув Саткак кўчасидаги янги асфальтланган йўл орқали оқиб ўтган.
Ўрганишлар давомида ушбу ҳолат оқибатида аҳоли хонадонларига, томорқалардаги экин ва ўсимликларга, чорва моллари ҳамда бошқа жониворларга ҳеч қандай зарар етмаганлиги, фуқаролар хавфсизлигига ҳам таҳдид юзага келмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, видеотасвир аҳоли хонадонларини сув босгани сабабли эмас, балки янги ётқизилган асфальт қопламага зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилгани маълум бўлди.
Келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида “Сирдарё–Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда туман Насос станцияларидан фойдаланиш бўлими масъулларига фермер хўжаликлари раҳбарлари билан тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, ариқ-зовур коллектор ташламаларини ҳудуддаги мавжуд зовурга қайта йўналтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.






