Гиёҳвандлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-02 20:30:00 / Мажлислар

Фарғона тумани "Хуршиди тобон" маҳалласида аҳоли ўртасида психотроп ва гиёҳвандлик воситалари савдоси ҳамда истеъмолининг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Фарғона вилоят ҳокимлигининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳи раҳбари Юсуфжон Камолов, Фарғона тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Муроджон Қундузов, Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илҳомжон Тошпўлатов, жоме масжиди имом-хатиблари, отинойилар, маҳалла еттилиги вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этдилар.
Давра суҳбати давомида гиёҳвандликнинг жамият ҳаётига салбий таъсири, унинг инсон саломатлиги ва келажак авлод тақдирига етказадиган оғир оқибатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, психотроп ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари юзасидан ҳам тушунтиришлар берилиб, жамоатчиликни ҳушёрлик ва ҳамжиҳатликка чақириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.









