Замонавий интенсив боғларни барпо этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-01 20:15:00 / Мажлислар

Фарғона тумани “Фарғона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Фарғона тумани ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги бўлими, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги туман бўлими ҳамда “Фарғона-Agro Star” МЧЖ ҳамкорлигида эскирган ва самарасиз боғларни янгилаш, уларнинг ўрнида замонавий интенсив боғларни ташкил этиш мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Муродил Қосимжонов, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги туман бўлими вакиллари, “Фарғона-Agro Star” МЧЖ раҳбар ва мутахассислари, ҳудуддаги маҳалла еттилиги ҳамда боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Семинар давомида интенсив боғ ва токзорларни ташкил этишнинг замонавий усуллари, ҳосилдорликни ошириш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда соҳага инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, эскирган ва иқтисодий самарадорлиги паст боғларни босқичма-босқич янгилаш, илғор агротехнологияларни кенг қўллаш ҳамда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.









