Инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-05-26 23:45:00 / Мажлислар

Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Акбаржон Ахроров бошчилигида Хитойнинг “ZHONGWU DACHUAN INDUSTRIAL” МЧЖ ҚК раҳбарлари иштирокида Фарғона тумани “Оқбилол” МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаси қурилиш жараёнлари ўрганилди.
Ташриф давомида Хитойнинг Осиёдаги етакчи саноат корхоналаридан бири ҳисобланган “China Everbright Environment (Group) Co., LTD.” томонидан барпо этилаётган чиқиндиларни ёқиш асосида электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси билан яқиндан танишилди.
Ўрганиш жараёнида мазкур ҳудудда чиқиндиларни ёқиш натижасида ҳосил бўладиган кукунидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳа доирасида замонавий технологияларни жорий этиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича фикр алмашдилар.
Шунингдек, истиқболда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш юзасидан келгусидаги вазифалар белгиланиб олинди.


