Фарғона туманида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди
2026-05-14 23:05:00 / Янгиликлар

“Ёшлар куни” муносабати билан Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ғанижон Алавиддинов томонидан Фарғона туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқувчи ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув давомида бошқарма бошлиғи ўзининг кўп йиллик шарафли хизмат фаолияти, хизмат жараёнида дуч келган мураккаб синовлар ҳамда йирик фавқулодда вазиятларда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида амалга оширилган қутқарув ишлари ҳақида ёшлар билан батафсил фикр алмашди. Айниқса, ҳаётий воқеалар асосида келтирилган мисоллар ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида “Махсус қутқарувчи — шарафли касб” номли видеоролик намойиш этилиб, унда қутқарувчиларнинг фидокорона меҳнати, жасорати, юксак масъулияти ҳамда халқ осойишталигини таъминлаш йўлидаги хизматлари ёрқин акс эттирилди. Ушбу видеолавҳа ёшларнинг қутқарувчилик касбига бўлган қизиқишини янада оширди.
Учрашув якунида фаол саволлари, теран фикрлари ҳамда ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ ўғил-қизлар бошқарма бошлиғи томонидан бадиий китоблар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.






