Фарғона вилояти делегацияси Туркиянинг “Lezita” компанияси фаолияти билан танишди
2026-05-14 22:35:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти делегациясининг Туркияга амалий ташрифи давомида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташриф доирасида вилоят вакиллари Туркиянинг энг йирик ва етакчи паррандачилик компанияларидан бири бўлган “Lezita”да бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Компаниянинг асосий ишлаб чиқариш мажмуаси Измир вилоятининг Кемалпаша туманида жойлашган. Шунингдек, Малатя шаҳрида ҳам йирик заводи мавжуд.
Делегация аъзоларига парранда боқиш, етиштириш ва қайта ишлашнинг тўлиқ цикли, замонавий технологиялар ва халқаро стандартларга асосланган юқори самарали ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Компания раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотда Фарғона вилоятида паррандачилик йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.


