Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг расмий муносабати
2026-05-13 12:00:00 / Расмий муносабатлар

“Халқ сўзи” газетасининг 2026-йил 12-май кунги 95-сонида чоп этилган “Саткак Азиз” қачон азиз бўлади?” номли танқидий мақолада Фарғона туманининг “Саткак” маҳалла фуқаролар йиғинидаги айрим ижтимоий ва инфратузилмавий масалалар кўтариб ўтилган.
Мазкур мақолада келтирилган ҳолатлар юзасидан Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди ҳамда қуйидагилар маълум қилинади.
“Саткак” маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда 780 та оилада жами 3 минг 750 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик фаолияти билан шуғулланади.
Маҳаллани туризм маршрутлари рўйхатига киритиш бўйича ташаббуслар 2025-йилдан бошлаб йўлга қўйилган бўлиб, ушбу йўналишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 11-октябрдаги 665-сонли “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари инфратузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашининг 2025-йил 25-апрелдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2026-йил 1-март куни “Саткак” МФЙ ҳудудидаги Саткак кўчасининг 400 метр қисми асфальтлаштирилди.
Мазкур ишлар ҳудудда транспорт қатновини яхшилаш, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш, ички йўллар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш мақсадида босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 30-январдаги ПФ-17-сон Фармони ҳамда 2024-йил 23-сентабрдаги ПҚ-330-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида, туман Кенгаши депутатларининг таклифлари ва “Фарғона сув таъминоти” АЖ Фарғона тумани филиалининг тегишли мурожаати асосида жамғарма маблағлари ҳисобидан 300 миллион сўм ажратилди.
Ажратилган маблағлар ҳисобидан “Саткак” маҳалла фуқаролар йиғинида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида кенг кўламли амалий ишлар бажарилди. Хусусан, маҳалла фаоллари иштирокида умумий узунлиги 2 километр бўлган, диаметри 76 миллиметрли қувурлардан иборат янги сув тармоқлари тортилди.
Мазкур ишлар аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, мавжуд инфратузилмавий муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш ҳамда ҳудудда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида Фарғона тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш” жамғармаси маблағлари асосида қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, “Саткак” маҳалласида аҳоли мурожаатлари ва мавжуд муаммолар мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мунтазам равишда жойига чиққан ҳолда муҳокама қилинмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш, йўл ва коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, маҳалла қиёфасини янада замонавийлаштириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Маҳалла биносининг мавжуд сиғими торлиги сабабли ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ижтимоий ходимлар фаолияти учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бинони давлат-хусусий шериклик асосида кенгайтириш ва замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Ҳозирда мазкур масала юзасидан маҳаллий тадбиркорлар билан келишув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудуддаги эски симёғочларни бетон таянч устунларга алмаштириш орқали электр таъминоти хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш масаласи юзасидан туман Электр тармоқлари корхонасига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилган. Мазкур ишларни қўшимча дастурларга киритиш орқали босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳам мавжуд тартиб асосида йўлга қўйилган бўлиб, ҳудуднинг Фарғона шаҳри билан яқин жойлашганлиги сабабли фуқаролар асосан шаҳардаги 91-сонли оилавий шифокорлик пунктига, маҳалланинг “Оқбилол” МФЙга яқин қисмида истиқомат қилувчи аҳоли эса “Оқбилол” оилавий шифокорлик пунктига мурожаат қилиб келмоқда. Ҳозирги кунгача ушбу ҳолат аҳоли учун жиддий ноқулайлик туғдирмаган.
Бироқ, ҳудуд аҳолиси учун янада қулай шароит яратиш мақсадида “Саткак” маҳалласи ҳудудида оилавий шифокорлик пунктини ташкил этиш юзасидан Фарғона тумани тиббиёт бирлашмасига тегишли таклифлар киритилган.
Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги мавжуд муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда инфратузилмавий лойиҳаларни изчил давом эттириш бўйича амалий ишлар давом эттирилади.
