Фарғона туманида японлик профессор иштирокида хурмо етиштириш бўйича семинар ўтказилди
2026-05-13 18:00:00 / Янгиликлар

Япониянинг Токио Қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университети профессори Ёшико Кавабата бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация Фарғона тумани “Хонқиз” маҳалла фуқаролар йиғинида йўлга қўйилган “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, ҳудуддаги хурмо етиштиришга ихтисослашган хонадонлар ҳамда тадбиркор Ш. Акбаровга ижара асосида ажратилган 3 гектар ер майдонида ташкил этилган хурмо боғи фаолияти ўрганилди.
Ташриф доирасида “Хонқиз” маҳалла фуқаролар йиғинида хурмо етиштириш билан шуғулланувчи аҳоли вакиллари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди. Семинар давомида профессор Ёшико Кавабатанинг хурмо етиштириш, агротехник парвариш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тақдимоти тингланди.
Мазкур семинар иштирокчиларга халқаро тажрибаларни ўрганиш, замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этиш ҳамда хурмо етиштириш самарадорлигини ошириш борасида муҳим тавсиялар берди.









