Фарғона туманида пилла ҳосилини йиғиб олиш ишлари бошланди
2026-05-11 13:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани “Қўрғонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини, Кураш кўчасида истиқомат қилувчи Холисхон Раҳимбердиева хонадонида жорий мавсумда 5 қути ипак қурти парвариш қилиниб, туманда биринчилардан бўлиб чиллиги ҳосилни йиғиб олиш ишлари бошланди.
Кўп йиллик тажрибага эга бўлган Холисхон опа 38 йилдан буён ипак қурти парвариши билан шуғулланиб келмоқда. Ушбу мавсумда ҳам хонадондаги 8 нафар оила аъзоси биргаликда меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштиришга эришди.
Қурт боқувчи опа ўтган йили пиллачилик ортидан топилган даромад ҳисобидан Умра зиёратини адо этганини мамнуният билан таъкидлади.
Пилла йиғими жараёнида Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов бошчилигида ҳоким ўринбосарлари томонидан хонадонга ташриф буюрилиб, ҳосилнинг баракали бўлиши тиланди ҳамда хонадон эгаларига эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, хонандоннинг том қисмини ёпиш учун 70 дона шифер ажратилиши маълум қилинди. Хонадон эгалари кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, самимий миннатдорлик билдирдилар.
Айни пайтда туманнинг Лоғон ҳудудида ҳам пилла ҳосилини йиғиб олиш ишлари босқичма-босқич бошланмоқда.









