Фарғона туманида санитария-экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган амалий ишлар олиб борилди
2026-05-08 18:45:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани прокуратураси, Экология ва иқлим ўзгариши бўлими, туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар бўлими, “Maxsus Garant Avto Servis” МЧЖ ҳамда бошқа масъул корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида тумандаги “Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кенг кўламли тозалаш ишлари амалга оширилди.
Мазкур тадбир кўп қаватли уйлар атрофида санитария-экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли учун қулай ва тоза муҳит яратиш мақсадида ташкил этилди. Ишлар жараёнида ҳудудда тўпланиб қолган қурилиш ва маиший чиқиндилар махсус техника воситалари ёрдамида йиғиштирилиб, белгиланган чиқинди полигонларига олиб чиқилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида ҳудуд тозалигини сақлаш, қурилиш чиқиндиларини белгиланган жойларга ташлаш ҳамда санитария қоидаларига риоя этиш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Масъуллар томонидан бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, ҳудудларда экологик маданиятни юксалтириш ва тозаликни таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.



