“Фарғона” чегара божхона постида ўтказувчанлик ва хизмат кўрсатиш сифати ўрганилди
2026-05-05 11:35:00 / Янгиликлар

А. Мавлонов бошчилигида Божхона қўмитаси вакиллари томонидан Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Фарғона” чегара божхона пости фаолияти жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида постда яратилган шарт-шароитлар, фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатини ташкил этиш тизими, навбатларни қисқартириш ҳамда ўтказувчанликни оширишга қаратилган амалий ишлар атрофлича кўздан кечирилди.
Маълум қилинишича, мазкур пост орқали йилига 2 миллиондан ортиқ йўловчилар ҳаракатланади. Айниқса, ёзги дам олиш мавсумида Шоҳимардон йўналишида қатновчи фуқаролар оқими кескин ортиб, кунлик кўрсаткич 15 минг нафаргача етмоқда. Йил давомида пост орқали қарийб 330 мингта транспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, ёз ойларида ушбу кўрсаткич суткасига 1,2 мингдан ошмоқда.
Ташриф давомида пиёдалар йўлаги бўйлаб айвон қуриш, постга кириш қисмидаги бетон тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда ҳудудни янада ободонлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўрганишлар якунида ўтказувчанликни оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатини тезкор ва самарали ташкил этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.





