Фарғона туманида туризм салоҳиятини ривожлантиришга бағишланган пресс-тур ташкил этилди
2026-03-13 20:30:00 / Пресс-турлар

Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан “Фарғона” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси ҳамда “Туронбанк” АТБ билан ҳамкорликда “Саноат” МФЙ ҳудудида жойлашган 33,2 гектар ер майдонида пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур ҳудуд “Туронбанк” АТБ инвестицион компанияси — “Турон Фарғона боғлари” МЧЖ томонидан ижарага олинган бўлиб, унда “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида замонавий малина плантацияси барпо этилмоқда. Пресс-тур айнан ушбу лойиҳа мисолида ҳудудда амалга оширилаётган инвестицион ва инфратузилмавий ишларга оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Фарғона туманида туризм салоҳиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, хусусан, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари, Водил, Аввал ҳамда Чимён шаҳарчаларининг мастер режаларини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ҳудудларнинг табиий-иқлимий шароити, мавжуд инфратузилма имкониятлари ва инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, пресс-тур давомида қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларини ўзаро интеграция қилиш, агро ва эко-туризм йўналишларини ривожлантириш орқали ҳудуд иқтисодиётини диверсификация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.






