Фарғона туманида “Ёшлар маслаҳат гуруҳи” йиғилишида ёшлар фаоллигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-04-29 22:35:00 / Мажлислар

Фарғона туман Кенгаши раиси Баходир Ахмаджонов ҳамда Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари иштирокида Фарғона туман Кенгаши ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар маслаҳат гуруҳи”нинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда комиссия раиси Озодахон Дадажонова “Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши ҳузуридаги “Ёшлар маслаҳат гуруҳи” — ёшларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиб, уларнинг ташаббуси ва фикрларини ҳудуд тараққиётига йўналтирадиган маслаҳат ва ҳамкорлик платформасидир” мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида ёшларни фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга, жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ташаббускор бўлишга чақирди.
Шунингдек, йиғилиш давомида ёшлар томонидан билдирилаётган таклиф ва ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни аниқ амалий натижаларга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир илгари сурилган фикр ортида ҳудуд келажагига хизмат қиладиган муҳим имкониятлар мавжуд экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида ёшларнинг ташаббусларини тизимли қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтириш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.


