Фарғона тумани “Бой маҳалла” маҳаласида янги тармоқлар тортилди
2026-04-21 19:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 30-январдаги ПФ-17-сонли фармони ҳамда 2024-йил 23-сентябрдаги ПҚ-330-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида муҳим амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур ҳужжатлар асосида аҳоли ҳаёт кечиришига салбий таъсир кўрсатаётган ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий муаммоларни бартараф этиш мақсадида Фарғона тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш” жамғармаси маблағлари йўналтирилмоқда.
Жумладан, туман Кенгаши депутатларининг таклифлари инобатга олиниб ҳамда “Фарғона сув таъминоти” АЖ Фарғона тумани филиалининг тегишли хатига асосан жамғарма ҳисобидан 300 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар эвазига тумандаги “Бой маҳалла” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, маҳалла фаоллари иштирокида умумий узунлиги 6 километрни ташкил этувчи сув тармоқлари тортилди. Шундан 3 километри 110 миллиметрли, яна 3 километри 76 миллиметрли қувурлардан иборат.
Амалга оширилган ушбу ишлар ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, турмуш даражасини яхшилаш ҳамда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу каби лойиҳалар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.






