Фарғона туманида лимончиликни ривожлантиришга қаратилган семинар-тренинг ўтказилди
2026-04-20 17:30:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, юқори даромадли йўналишларни кенгайтириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда “ТуронБанк” АТБ ташаббуси ҳамда Фарғона тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида лимончиликни ривожлантиришга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди.
Мазкур тадбир Фарғона тумани Новкент маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган иссиқхонада ўтказилиб, унда соҳа билан шуғулланаётган деҳқон ва тадбиркорлар фаол иштирок этди.
Семинар давомида тажрибали агроном Машрабхўжа Жўраев томонидан лимон етиштиришда самарали агротехник тадбирлар, ўғитлаш тизими, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича муҳим тавсиялар берилди. Шунингдек, лимончиликда юқори ҳосилдорликка эришиш ва сифатли маҳсулот етиштиришнинг замонавий усуллари атрофлича тушунтирилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олиб, амалий тажрибалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.






