Фарғона туманида “Ватанга қасамёд” маросими юқори руҳда ўтказилди
2026-04-19 16:05:00 / Янгиликлар

Бугун Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг барча ҳарбий қисмларида янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларни “Ватанга қасамёд”га келтириш маросимлари кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда. Халқимиз миллий армия сафида хизмат қилаётган фарзандларига доимо ғурур ва ифтихор билан қарайди ва Қуролли Кучларимизнинг мудофаа салоҳиятига юксак ишонч билдиради.
Шу муносабат билан Фарғона туманидаги 9208-ҳарбий қисм ўқув пунктида 2026 йил чақирувидаги 194 нафар муддатли ҳарбий хизматчининг “Ватанга қасамёд” қабул қилиш маросими тантанали равишда ўтказилди.
Тадбирда фахрийлар, нуронийлар, чақирилувчиларнинг ота-оналари, яқинлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Маросим аввалида ҳарбий хизматчилар Ватанга қасамёд қабул қилдилар. Жумладан, рядовой Турдиқулов Жавоҳир Ахмаджон ўғли қасамёд матнини минбардан ўқиб эшиттирди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ёш аскарларни ушбу шарафли кун билан табриклаб, уларнинг Ватанга садоқат билан хизмат қилишларига ишонч билдирди.
Маросимнинг бадиий қисмида ҳарбий тайёргарлик машқлари, жисмоний чиқишлар, қўл жанги элементлари ҳамда маданий дастурлар намойиш этилди.









