Фарғонада “Фарғона – Хитой” бизнес-форуми бўлиб ўтди
2026-04-17 18:05:00 / Янгиликлар

17-апрель куни Фарғона вилоятида “Фарғона – Хитой” бизнес-форуми ташкил этилди. Мазкур форум маҳаллий тадбиркорлар учун хитойлик ишбилармонлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, янги ҳамкорлар топиш ҳамда бизнес фаолиятини кенгайтириш борасида муҳим имкониятлар яратди.
Форумда Фарғона туманида фаолият юритаётган бир қатор тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этиб, ўзларига мос йўналишларда ҳамкорлар топиш учун самарали музокаралар олиб бордилар.
Хусусан, “EKOKERAMA” МЧЖ ва “EVAKS FABRIC” МЧЖ раҳбарлари ҳамда хитойлик тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар давомида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кальцит, гипс, каолин, кварц қуми ва дала шпати каби хомашё ресурсларини Фарғона ҳудудида тозалаш ва бойитишга қаратилган инвестиция лойиҳаси юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди. Мазкур лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Шунингдек, томонлар ўртасида 3D-гиламлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган гранулаларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича яна бир истиқболли лойиҳа таклиф этилди. Ушбу лойиҳа қиймати 7 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Учрашув якунида томонлар яқин бир ой ичида кенгайтирилган таркибда қўшимча музокаралар ўтказиш, таклиф этилган лойиҳаларни батафсил ўрганиш ҳамда кейинги босқичда ўзаро манфаатли келишувларни имзолашга келишиб олдилар.



