Фарғона туманининг эксклав ҳудудида аҳоли мурожаатлари жойида ўрганилди
2026-04-14 10:05:00 / Янгиликлар

Президентимиз томонидан чекка ҳудудлардаги аҳоли мурожаатларини жойига бориб ўрганиш ҳамда уларни тизимли ҳал этиш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона тумани ҳокими Хамидулло Иномов ва туман прокурори Ойбек Тошпулатoвлар бошчилигида ҳоким ўринбосарлари ҳамда туман корхона, ташкилот ва муассасалари раҳбарлари иштирокида Фарғона туманининг эксклав ҳудудида жойлашган “Ҳосилот” маҳалла фуқаролар йиғини Тоштепа кўчаси аҳолиси мурожаатлари жойига чиқилган ҳолда ўрганилди.
Мурожаатлар юзасидан муаммоларни тезкор бартараф этиш, аҳолининг долзарб масалаларига манзилли ечим топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишлар якунида келиб тушган мурожаатларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъул ташкилотларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ҳудуд аҳолиси учун қулайликлар яратиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишларини самарали ташкил этиш учун арзонлаштирилган минерал ўғитлар ярмаркаси йўлга қўйилди. Аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида эса арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Тадбир доирасида масъуллар томонидан ҳудуддаги 60-сонли умумий ўрта таълим мактабида яратилган шароитлар билан танишилиб, ёшларнинг таълим олиши ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мактаб маъмуриятига 100 дан ортиқ бадиий адабиётлар тўплами, замонавий интерактив доска ҳамда спорт жиҳозлари топширилди.






