Фарғона туманида пиллачилик мавсумига старт берилди
2026-04-12 08:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида пилла қуртини етиштириш мавсумига расман старт берилди. Тумандаги “Оқбилол” маҳалласида туман ҳокими Хамидулло Иномов, Фарғона вилояти “Agropilla” масъуллари, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирокида тадбир ташкил этилиб, эзгу тилаклар билан дуо қилинди ҳамда пилла қурти уруғлари жойлаштириш учун топширилди.
Жорий йилда туманда 3536 қути ипак қурти парвариш қилиниб, 212 тонна пилла ҳосили етиштириш режалаштирилган. Ушбу кўрсаткичлар ҳудудда пиллачиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад манбаларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот ўрнида, жорий йилда 1 килограмм пилла нархи 55 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, шундан 40 минг сўми пиллачилик кластери томонидан, 15 минг сўми эса давлат субсидияси сифатида тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, пиллачилик билан шуғулланувчи аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир қурт боқувчига 3 йил муддатга фоизсиз 20 миллион сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган. Мазкур маблағлар қурт боқиш хоналарини жиҳозлаш, зарур асбоб-ускуналар харид қилиш ҳамда бошқа эҳтиёжларни қоплашга йўналтирилади.






