Фарғона туманидаги спорт мактаби майдони ўрганилди
2026-04-10 09:30:00 / Янгиликлар

Фарғона вилоятида футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва мавжуд спорт объектлари ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Фарғона вилояти футбол ассоциацияси мутахассислари ҳамда Фарғона вилояти спорт бошқармаси вакиллари томонидан Фарғона тумани 2-сон спорт мактабига ташриф буюрилди. Ташриф давомида мазкур спорт мактабига қарашли футбол майдонининг ҳозирги ҳолати атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида майдон қопламаси, суғориш тизими, ёритиш воситалари ҳамда умумий инфратузилма ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, спорт мактаби ҳудудида ёш футболчилар учун яратилган шароитлар, кийиниш хоналари, машғулот ўтказиш имкониятлари ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фарғона вилояти футбол ассоциацияси томонидан бу каби ўрганиш ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.






