Чегараолди ҳудудларида маҳалла раислари билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-04-06 15:05:00 / Очиқ мулоқотлар

Фарғона тумани чегараолди ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Учрашув одатдагидан фарқли равишда табиат қўйнида, эркин суҳбат шаклида ўтказилди.
Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъул ходими Асқар Жалилов, вилоят бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Зиявітдинов, туман бўлими раҳбари Диёрбек Хомидов, туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Абдухошим Ҳалимов, 9229-ҳарбий қисм масъул ходимлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этди.
Мулоқот давомида маҳалла раислари учун яратилган шароитлар, уларнинг фаолиятида учраётган муаммолар атрофлича ўрганилди. Асосий эътибор маҳалла раислари ҳамда маҳалла “еттилиғи”нинг ҳуқуқий билимини ошириш масаласига қаратилди. Шу мақсадда тарғибот материалларини кўпайтириш, ходимларнинг билим ва тажрибасини мустаҳкамлаш учун методик ишланмалар тайёрлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, “Рақамли маҳалла” платформасини янада такомиллаштириш, ундан самарали фойдаланиш кўникмаларини ошириш, қоғозбозликдан босқичма-босқич воз кечиб, тўлиқ электрон ҳужжат алмашинувига ўтиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ишсизликни камайтириш, бандликни таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш йўналишида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Ҳар бир маҳалла ушбу кўрсаткичларга сифатли ва ўз вақтида эришиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, маҳаллаларда шаклланаётган солиқ тушумларининг шаффоф сарфланиши, маблағларни “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш, ичимлик ва суғориш сув таъминотини яхшилаш, кам таъминланган оилалар томорқаларини қўллаб-қувватлашга йўналтириш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот якунида маҳалла раислари томонидан илгари сурилган долзарб таклифлар асосида алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.









