Ёрдон маҳалласида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди
2026-04-02 17:05:00 / Очиқ мулоқотлар

“Ёшлар куни” муносабати билан Фарғона тумани анклав ҳудуди ҳисобланган “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2-сон умумий ўрта таълим мактабида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Тадбир аввалида иштирокчилар ушбу ҳудудда туғилиб вояга етган, бутун Ўрта Осиё халқлари орасида машҳур бўлган Лочин полвон Усмонов хотирасини ёд этиб, унинг қабрини зиёрат қилдилар.
Шундан сўнг мактабда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Турсунбой Мадалиев иштирокида ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида қишлоқ нуронийлари, турли соҳа вакиллари ҳамда ёшлар томонидан мамлакатимизда, жумладан, энг чекка ҳудудларда ҳам яратилаётган шароитлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари 9115-ҳарбий қисм командири, полковник О. Раҳматов томонидан Қорақалпоғистон Республикасида хизмат қилаётган, Ёрдон қишлоғида туғилиб, мазкур мактабда таҳсил олган Ильёсов Файёз Фарходжон ўғлининг ота-онасига йўлланган “Ташаккурнома” ҳамда туман “Нуроний” жамғармасининг эсдалик совғалари унинг онаси Маърифатхон Аллоновага тантанали равишда топширилди.
Ёрдон қишлоғида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбири кўтаринки руҳда ўтиб, ёшларни Ватанга садоқат, юрт равнақи йўлида фаол бўлишга ундавчи муҳим мулоқот майдонига айланди.






