Фарғона туманида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўчат экиш ишлари бошланди
2026-04-01 18:30:00 / Янгиликлар

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.
Мазкур тадбирда республиканинг барча ҳудудлари қатори Фарғона вилояти ҳам видеоалоқа орқали уланиб, яшил ҳудудлар ташкил этиш ишларини бошлаб берди.
Хусусан, Фарғона тумани “Юқори Арча” МФЙ ҳудудидаги 105 гектар майдонда “яшил боғ” ва “яшил белбоғ” барпо этиш ишлари йўлга қўйилди. Бугуннинг ўзида ушбу ҳудуднинг 10 гектар қисмида 2000 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экиб чиқилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят нуронийлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этдилар.
Шунингдек, Фарғона тумани нуронийлари, ёшлари, давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам ушбу эзгу ташаббусга ўз ҳиссаларини қўшдилар.









