Фарғона туманида ташаббусли бюджет доирасидаги муаммолар ўрганилди
2026-03-28 17:05:00 / Янгиликлар

Халқни рози қилиш, ҳудудлар фаровонлигини ошириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш — ҳар бир депутат фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бугунги кунда “Ташаббусли бюджет” тизими фуқароларга ўз ҳудудидаги муаммоларни ҳал этишда муҳим ва шаффоф механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, объектив сабабларга кўра етарли овоз тўплай олмаган, аммо ижтимоий аҳволи мураккаб бўлган маҳаллалар ҳам мавжуд. Ана шундай ҳудудларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Фарғона туманида ўрганишлар олиб борилди.
“Гулпийон” маҳалласи
Қирғизистон билан чегарадош, тоғли ва ёғингарчилик кўп бўладиган ҳудудда жойлашган ушбу маҳаллада алоқа сифати пастлиги сабабли фуқаролар овоз йиғиш имкониятидан тўлиқ фойдалана олмаган. Маҳалла ички йўлларини асфальтлаштириш учун 1 млрд 647 млн 656 минг сўм маблағ сўралган бўлса-да, лойиҳа ғолиб бўлмаган. Натижада 50- ва 36-мактабларга қатновчи ўқувчилар ҳануз носоз йўллардан фойдаланишга мажбур. 3 километрлик марказий кўчани асфальтлаш долзарб вазифа сифатида қайд этилди.
“Қорасув” маҳалласи
Ҳудуддаги “Жомий”, “Оқибат”, “Комиллик”, “Иттифоқ” ва “Қадрият” кўчаларига жами 2,5 километрдан ортиқ асфальт қопламаси ётқизиш зарур. Ушбу ишлар учун 1 млрд 647 млн 656 минг сўм маблағ талаб этилган бўлса-да, етарли овоз тўпланмагани сабаб лойиҳа амалга ошмай қолиши мумкин. Таъкидланганидек, ҳар бир таъмирланган йўл аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади.
“Оқтом” маҳалласи
730 та хонадон истиқомат қиладиган ушбу ҳудудда электр таъминоти тизими эскирган бўлиб, қувватнинг кескин пасайиши кузатилмоқда. Бу ҳолат аҳоли турмуш даражасига ҳамда ҳудуддаги ижтимоий вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Лойиҳа доирасида ажратилиши режалаштирилган 1 млрд 700 млн сўм маблағни электр тармоқларини янгилаш ҳамда 3 километрлик йўлни таъмирлашга йўналтириш зарурлиги қайд этилди.
Қайд этилишича, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлмаган лойиҳалар эътибордан четда қолмайди. Энг долзарб ва муҳим муаммоларни танлаб, депутатлик кўмаги ҳамда тегишли давлат дастурлари асосида уларни босқичма-босқич ҳал этиш чоралари кўрилади.



