Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат юзасидан расмий муносабат
2026-03-03 15:00:00 / Расмий муносабатлар

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Фарғона тумани ‘Саткак’ МФЙ ҳудудидаги йўлларни асфальтлаш учун маблағ ажратилгани, бироқ ҳозирга қадар йўл таъмирлаш ишлари амалга оширилмагани” ҳақидаги танқидий мақола юзасидан Фарғона тумани ҳокимлиги расмий муносабати.
Мазкур мурожаат туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 11-октябрдаги 665-сон қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳудудидаги 51 та маҳаланинг ички кўчаларида жорий таъмирлаш ва асфальтлаштириш ишлари бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган ҳамда Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашининг 2025-йил 25-апрелдаги қарори билан тасдиқланган.
Мазкур дастур асосида ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, 1-босқичда 18 та МФЙ ҳудудида ички кўчаларда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2-босқичда эса 32 та МФЙ ҳудудида ички кўчаларда асфальтлаштириш ишлари амалга оширилди. 3-босқич доирасида 29 та МФЙ ҳудудида асфальтлаштириш ишларини бажариш бўйича тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузилган.
Шу билан бирга, 2025-йилнинг ноябр-декабр, 2026-йилнинг январ ойи давомида об-ҳаво нинг намгарчилик билан кечаётгани ҳамда асфальт ишлаб чиқариш корхоналарида газ таъминотидаги вақтинчалик чекловлар сабабли айрим маҳаллаларда, жумладан, “Саткак” МФЙдаги Саткак кўчасида олиб борилаётган асфальтлаштириш ишлари вақтинчалик тўхтаб қолган.
Аниқланишича, мазкур кўчаларда асфальтлаштириш ишларини амалга ошириш учун тендерда ғолиб бўлган корхоналарга шартномаларда белгиланган тартибда маблағлар ўтказиб берилган. Бироқ об-ҳаво ва газ таъминоти билан боғлиқ омиллар туфайли асфальт ётқизиш ишлари вақтинчалик амалга оширилмаган.
Мазкур ҳолат айрим фуқаролар орасида тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган бўлса-да, йўлларнинг сифатли ва узоқ муддат хизмат қилишини таъминлаш мақсадида асфальтлаштириш ишлари меъёрий, намгарчиликдан холи об-ҳаво шароити юзага келгач, 2026-йил баҳор ойларига қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
Бугунги кун ҳолатига келиб Фарғона тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2026-йил 26-февраль куни “Саткак” маҳалла фуқаролар йиғин, Саткак кўчасининг 400 метр қисми тўлиқ асфальтлаштирилди.





