"ЎзЛиДеП креатив тадбиркор ёшлар ғояларини қўллаб-қувватлайди ва уларга йўл очади."
2026-03-13 13:00:00 / Янгиликлар

ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Фарғона тумани 1-сон техникамда "Креатив ёшлар жамият таянчи" мавзусида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг креатив ғоялари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, лойиҳа доирасида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар — стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, IT ва рақамли технологиялар бўйича билимларни ошириш, муваффақиятли тадбиркорлар иштирокида тренинг ва семинарлар ташкил этилиши таъкидланди.
Учрашув давомида фаол ёшлар ўз ғоя ва ташаббуслари билан ҳам иштирок этди. Жумладан, ёш ташаббускор Раҳимов Асилбек томонидан “Smart Agro Monitor” – ақлли суғориш ва тупроқ назорати тизими номли стартап лойиҳа тақдим этилди. Мазкур лойиҳа тупроқ намлиги ва ҳолатини сенсорлар орқали кузатиб бориш ҳамда фермерларга мобил илова орқали маълумот етказиш орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилгани билан эътибор қозонди.
Шунингдек, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Учрашув ёшларни янада фаолликка, янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишга ундади.




