Фарғона тумани ҳокими Хамидулло Иномовнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами учун табрик сўзи
2026-03-07 11:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, азиз аёллар!
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Аввало, сиз, азизларни, муборак Рамазон ойи билан, қолаверса 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Биз бу қутлуғ байрамни доимо орзиқиб, катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу шукӯҳли айём юртимизга ёшариш ва янгиланиш фаслини — баҳорни бошлаб келади. Бу байрам дилимиздаги сиз, азизларга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни, меҳр-у муҳаббатимизни яна бир бор ифода этишга имкон беради.
Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!
Муқаддас она, аёл зоти — чинакам меҳр булоғи, меҳр қуёши, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Шу қуёш бор экан, меҳр-оқибат, эзгулик ва адолат, вафо ва садоқат каби буюк қадриятлар неча асрлардан буён яшаб келмоқда.
Шу боис бугунги қувончли айёмда аввало дунёда “фидойи” деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз. Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик ва олийжаноблик сари чорлайдиган, садоқат соҳибаси бўлмиш сиз мунис аёлларнинг меҳр-муҳаббатингиз ва заҳматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Хабарингиз бор, бугунги кунда давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда аёлларнинг ўрни беқиёсдир. Муҳтарам Президентимиз томонидан Тараққиёт стратегияси доирасида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун имзоланиб, гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу борада туманимизда ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бугун турли даражадаги давлат ва жамоат тизимида туманимизнинг бир қатор аёллари фаолият олиб бормоқдалар. Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши таркибида аёл депутатлар сони сезиларли даражада ортиб, бугунги кунда уларнинг сони 7 нафарни ташкил этмоқда.
Сўнгги йилларда 5 нафар хотин-қизларимиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, “Шуҳрат” медали билан “Art-Sadosh” МЧЖ раҳбари Мирзаева Садоқат Алишеровна, маориф соҳасида “Ta’lim fidoyisi” кўкрак нишони билан Қурбонова Гулбаҳор Азизовна, “Xalq ta’limi a’lochisi” кўкрак нишони билан Зокиржонова Сайёра Акбаралиевна ва Набиева Марҳабо Эргашевалар тақдирландилар.
Туманимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ўтган йил давомида “Аёллар дафтари”га 6077 нафар хотин-қиз рўйхатга олиниб, шундан 5424 нафарининг бандлиги таъминланди.
206 нафардан ортиқ опа-сингилларимиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Шунингдек, 232 нафар аёлга тикув машинаси, 490 нафарига пишириқ печлари, 48 нафарига оверлок машинаси, 26 нафарига асал ари қутиси олиб берилди.
“Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 2 миллиард 527 миллион 340 минг сўм маблағ сарфланди. Бундай ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини бу йил ҳам изчил давом эттирамиз.
Азиз опа-сингиллар!
Сўзимнинг охирида барчангизни Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Менинг тилагим, мақсадим битта — оилангиз, фарзандларингиз ва эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Негаки аёлларимизнинг бахти — халқимиз ва жамиятимиз бахтидир.
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.
Қутлуғ байрамингиз муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.
