Фарғона туманида депутатлик назорати тадбири ўтказилди
2026-02-14 09:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани “Улуғбек” МФЙ ҳудудида туман Кенгаши депутатлари Шухратжон Раҳимов, Озодахон Дадажонова ва Қаҳрамон Макаровлар томонидан навбатдаги депутатлик назорати тадбири ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларга жойида ечим топиш ҳамда ҳудудда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат бўлди.
Назорат доирасида маҳаллада фаолият юритаётган савдо дўконларида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати атрофлича ўрганилди. Хусусан, маҳсулот ассортименти, яроқлилик муддатлари, нарх-наволар асослилиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳамда истеъмолчилар учун яратилган шарт-шароитлар таҳлил қилинди. Тадбиркор билан очиқ ва конструктив мулоқот ўтказилиб, хизмат сифатини ошириш ҳамда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.
Шунингдек, Кенгашнинг 2025 йил 25 августдаги VII-11-82-11-163-К/25-сонли қарори ижроси доирасида маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган ичимлик суви муаммоси ҳам жойида ўрганилди. Фуқаролар мурожаатлари асосида олиб борилаётган янги сув тармоғини тортиш ишлари, сифати ва муддатлари танқидий таҳлил қилинди.
Ўрганишлар натижасида масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ишларни тезлаштириш ва сифатли амалга ошириш бўйича қатъий вазифалар белгиланди.



