Хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-02-10 20:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокими Хамидулло Иномов Туркия Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар — Туркиянинг “GENGROUP Sunum” хусусий корхонаси таъсисчилари Али Карабачили, Салих Демир ҳамда Жемалеттин Булбуллар билан расмий учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Фарғона туманида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий сармояларни жалб этиш ҳамда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, туризм соҳасини ривожлантириш, экспорт ва импорт ҳажмларини ошириш, шунингдек ҳудудда режалаштирилаётган қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бир қатор истиқболли ташаббуслар кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда замонавий инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Учрашув якунида келгусида ҳамкорликни изчил давом эттириш, аниқ лойиҳалар бўйича амалий ишларни бошлаш юзасидан келишувларга эришилди.



