Хитойлик инвесторлар билан агротуризм ва гулчилик лойиҳаси юзасидан ҳудудий учрашув ўтказилди
2026-02-10 18:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Абдурахимов бошчилигида Хитой Халқ Республикасидан келган инвесторлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган агротуризм ва гулчилик лойиҳаси бўйича ҳудудий учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида лойиҳа бошланишидан олдин ҳал этилиши лозим бўлган барча муҳим масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, лойиҳанинг жойлашув ҳудуди, мавжуд муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилма ҳолати, шунингдек экологик талаблар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар жойида муҳокама қилиниб, томонлар ўртасида ўзаро келишувга эришилди.
Муҳокамалар натижасида лойиҳанинг амалга оширилиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар, талаб ва мезонлар аниқ белгилаб олинди. Шунингдек, тайёргарлик босқичида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди ҳамда лойиҳа ишларини амалий жиҳатдан бошлаб юбориш учун ҳуқуқий ва ташкилий имкониятлар яратилди.
Мазкур агротуризм ва гулчилик лойиҳасининг амалга оширилиши ҳудудда янги агротуризм йўналишларини ривожлантириш, маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа экологик талаблар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш стандартларига тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилиши алоҳида таъкидланди.



