Ҳудудларни ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича амалий ишлар жадаллашмоқда
2026-02-07 12:00:00 / Расмий муносабатлар

Фарғона тумани “Саткак” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудудни ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган катта ҳашар тадбирлари бошланди. Ушбу жараён Фарғона тумани ҳокими Хамидулло Иномов бошчилигида ташкил этилиб, унда вилоятдан бириктирилган вакиллар, тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари фаол иштирок этди.
Ҳашар тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида маҳаллани ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш ва муаммоли масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Ҳашар давомида маҳалла ҳудудлари, ички кўчалар ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, инфратузилмани янада яхшилашга қаратилган қатор янги лойиҳаларни амалга оширишга старт берилди.
Бундан ташқари, “Янги Фарғона” газетасининг 2026-йил 7-февраль куниги 9-сонида чоп этилган “Тозалик ва покизалик йўқ жойда ҳаловат, файз, барака бўлмайди” сарлавҳали танқидий мақола юзасидан туман ҳокимлиги томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари ташкил этилди. Ўрганиш жараёнида, айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида “Тоза ҳудуд” корхонаси томонидан чиқиндиларни олиб кетиш қатновини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда аҳолига қулай шароитлар яратиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.






