ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат юзасидан Фарғона тумани ҳокимлигининг расмий муносабати
2026-02-03 18:00:00 / Расмий муносабатлар

ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган Фарғона тумани “Барқарор ҳамжаҳатлик” маҳалласидаги 21-сонли умумтаълим мактаби олдидан ўтган автомобиль йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида светофор ўрнатилмагани юзасидан масъуллардан ҳолатга эътибор қаратиш сўралган видео мурожаат Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан белгиланган тартибда ўрганилди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш мақсадида Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси, туман ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ҳамда 21-сонли умумтаълим мактаби маъмурияти масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, Фарғона тумани “Барқарор ҳамжаҳатлик” маҳалласидаги 21-сонли умумтаълим мактаби 40V016 автомобиль йўлининг 10–11-километрлари оралиғида жойлашган бўлиб, ушбу ҳудуд 40V016а 2-даражали автомобиль йўли билан кесишма ҳосил қилади. Мазкур чорраҳада 40V016 автомобиль йўли асосий йўл ҳисобланиб, ён кўчага қайрилади.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чорраҳада йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 7.13 “Асосий йўлнинг йўналиши” йўл белгиси, асосий йўлга туташ 2-даражали кўчаларга эса 2.4 “Йўл беринг” ва 2.5 “Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган” йўл белгилари ўрнатилганлиги аниқланди. Ушбу белгилар ҳайдовчиларга чорраҳадан ўтишда асосий йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериш мажбуриятини белгилайди.
Шунингдек, мазкур автомобиль йўли икки тасмали бўлиб, қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимини ажратиш учун 1.5 турдаги ётиқ чизиқлар мавжуд.
Ўрганиш давомида туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси масъуллари томонидан ушбу кесишмага автотранспорт воситалари учун светофор ўрнатилиши мавжуд йўл ҳолатидан келиб чиқиб ҳаракат иштирокчиларига ноқулайлик туғдириши, тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шу билан бирга, пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини янада чуқур таҳлил қилиш мақсадида масъул ходим бириктирилиб, 1 сутка давомида ушбу кесишма ҳудудидаги пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган фуқаролар сони ҳисобга олиниши, мазкур маълумотлар вилоят Йўллардан фойдаланиш давлат муассасасига тақдим этилиши белгиланди. Вилоят бошқармасининг якуний хулосасига асосан пиёдалар ҳаракати учун кичик светофорлар ўрнатиш ёки ўрнатмаслик масаласи бўйича белгиланган тартибда қарор қабул қилинади.
Мазкур масала бўйича якуний хулоса ва қабул қилинадиган қарорлар ҳақида Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан қўшимча маълумот берилади.






