ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат юзасидан Фарғона тумани ҳокимлигининг расмий муносабати
2026-01-30 18:00:00 / Расмий муносабатлар

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган “Фарғоналиклар ёзда ишлаган ҳақини қишда ҳам ололмаяпти” мазмунидаги фуқароларнинг видео мурожаати юзасидан Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Мазкур мурожаат Фарғона тумани ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона тумани Халқ қабулхонаси мутахассиси иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси ҳамда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги 2020 йил 20 октябрдаги ЎРҚ–642-сонли Қонуни талабларига мувофиқ ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, фуқаролар билан “Fergana-Oseana” масъулияти чекланган жамияти ўртасида ёз ойларида дала майдонларини ёввойи ўтлардан тозалаш ишлари бўйича оғзаки келишув асосида меҳнат муносабатлари шаклланган. Ушбу ишлар ҳудуддаги агрономлар бошчилигида амалга оширилган бўлиб, мавсум якунланганидан сўнг иш берувчи томонидан фуқароларга иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилмаган ва ҳисоб-китоб қилинмаган ҳолатлар аниқланган.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, туман (шаҳар) ҳокимликлари меҳнат ёки тижорат низолари бўйича бевосита суд қарори чиқариш ёки мажбурлов чораларини қўллаш ваколатига эга эмас. Ҳокимликларнинг асосий вазифалари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини қонун доирасида кўриб чиқишдан иборатдир. Фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасида юзага келадиган шартномавий ва меҳнат низолари қонунчиликка мувофиқ суд органлари томонидан кўриб чиқилади. Судлар мустақил орган ҳисобланади ва ҳокимият ушбу жараёнларга аралашмайди.
Ўрганиш давомида фуқароларнинг қолиб кетган иш ҳақлари “Fergana-Oseana” МЧЖнинг амалдаги директори Абдураззоқ Маманаабиев томонидан мурожаатда кўрсатилган муддатларда тўлаб берилмаганлиги инобатга олиниб, Фарғона тумани прокуратураси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ушбу маблағларни иш берувчидан ундириш чораларини кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 181–182-моддалари ва Меҳнат кодексининг 253-моддасига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритиш учун зарур ҳужжатлар шакллантирилмоқда.
Шунингдек, Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан низоли томонлар билан учрашувлар ташкил этилиб, тушунтириш ишлари олиб борилиши, қонунчилик ва адлия органлари билан ҳамкорликда медиация механизмларини қўллаш имкониятлари тарғиб қилиниши режалаштирилган. Агар фуқаролар ёки тадбиркорлар давлат хизматлари фаолиятидан норози бўлса, ҳокимлик томонидан бошқа ваколатли органларга мурожаат қилиш бўйича ҳуқуқий йўл-йўриқлар ва амалий ёрдамлар кўрсатилади.
Фарғона тумани ҳокимлиги мазкур масала қонун доирасида, адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида якуний ечим топиши учун ваколатли органлар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилишини маълум қилади.



