Фарғона туманида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” доирасида очиқ мулоқот ўтказилди
2026-01-29 19:25:00 / Очиқ мулоқотлар

Фарғона тумани ҳокимлигида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” доирасида туман ҳокими Хамидулло Иномов ва туман прокурори Ойбек Тошпўлатовлар бошчилигида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ва ўринбосарлари, масъул ходимлар, маҳалла профилактика инспекторлари ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Очиқ мулоқотда ҳафталик доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва режалаштирилган вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-январдаги PQ–1 сонли қарори ҳамда жорий йил 27-январ куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси, жумладан уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Туман ҳокими жорий этилган янги тизимнинг мазмун-моҳияти, уни Фарғона туманида самарали татбиқ этилиш масалаларига алоҳида тўхталди. Мулоқот давомида жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича эришилган ижобий натижалар қайд этилди, аммо айрим ҳудудларда юқори жиноятчилик кўрсаткичлари ҳамда маҳаллаларда ташкилот ишида камчиликлар борлиги танқид қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, туманнинг чегара ҳудудида жойлашганлиги ҳисобга олиниб, жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. Туман прокурори барча масъул идоралар орасида ҳамкорликни кучайтириш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Очиқ мулоқот якунлангандан сўнг, келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича келишувга эришилди.









