Халқаро саноат ҳамкорлиги йўлида амалий ташриф
2026-01-29 16:40:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Акбаржон Ахроров Хитойда жойлашган “Sit.Charm (Wuhan) Automotive Interior Decoration Co., LTD” корхонасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмон корхонанинг асосий фаолият йўналишлари билан яқиндан танишди. “Sit.Charm” компанияси автомобиль ички безаклари — ўриндиқ қопламалари, бошқарув панели декорлари, салон учун аксессуарлар ва бошқа автомобиль ички элементларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада замонавий технологиялар ҳамда сифатни назорат қилишнинг илғор тизимлари жорий этилган бўлиб, маҳсулотлар ички ва халқаро бозорларга етказиб берилмоқда.
Шунингдек, ташриф давомида ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилиб, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Корхона раҳбарияти билан келгусидаги истиқболли лойиҳалар, ҳамкорлик имкониятлари ҳамда маҳаллий ишчи кучини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.





