Фарғона туманида аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари юзасидан таҳлилий йиғилиш ўтказилди
2026-01-23 20:30:00 / Янгиликлар

Маълумки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-сентябрдаги ПФ–173-сон Фармонига мувофиқ мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Мазкур жараён жорий йилнинг 15-январидан 28-февралига қадар икки босқичда ташкил этилмоқда.
Биринчи босқич 15–31-январ кунлари давом этиб, ушбу даврда фуқаролар махсус ахборот тизими орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш имкониятига эга. Иккинчи босқич эса 4–28-февраль кунлари бўлиб, унда “маҳалла еттилиги” ходимлари томонидан уйма-уй юрилган ҳолда сўровномалар планшет қурилмалари орқали тўлдирилади.
Шу муносабат билан Фарғона тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Абдурахимов бошчилигида рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишга масъул штаб аъзолари иштирокида таҳлилий-танқидий йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда туман миқёсида рўйхатга олиш жараёнларини самарали ташкил этиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда масъуллар ўртасида аниқ вазифалар тақсимотини белгилаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокама якунида масъулларга рўйхатга олиш жараёнларини белгиланган муддатларда ва сифатли ташкил этиш, шунингдек, жойларда мувофиқлаштириш ишларини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.



