Халқаро саноат ҳамкорлиги йўлида янги келишув
2026-01-15 09:15:00 / Янгиликлар

Фарғона туман делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинцияси, Вейфанг шаҳрида жойлашган “Weifang Tiande Pipeline Co., LTD” компаниясига расмий ташриф билан борди. Мазкур корхона замонавий технологиялар асосида барча турдаги темир қувур маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи саноат субъектларидан бири ҳисобланади.
Ташриф доирасида ўтказилган учрашувда Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Акбаржон Ахроров компания раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, саноат кооперацияси, технологиялар трансфери ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар Фарғона туманида саноат салоҳиятини ошириш, инфратузилма лойиҳаларида сифатли ва замонавий қувур маҳсулотларидан фойдаланиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида аниқ лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган келишув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат ҳудудлараро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда Фарғона туманида саноат тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур ташриф ва эришилган келишувлар Фарғона туманининг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни ҳудудга татбиқ этиш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.






