Фарғона тумани ҳокими Х.Иномовнинг туман Мудофаа бўлими биносини очилиш маросимидаги табрик сўзи
2026-01-14 17:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум Хурматли Ватан химоячилар соха фахрийлари ва бугунги тадбир иштирокчилари!
Аввало, Сиз азизларни 14 – январ Ватан ҳимоячилари байрами билан чин қалбимдан кўп миллатли туманимиз халқи номидан табриклайман, қолаверса бугунги байрам кунида туман Мудофаа бўлимининг янги фойдаланишга топширилиши режалаштирилган биносининг очилиш тадбирида сиз азизлар билан учрашиб турганимдан бениҳоя мамнунман!
Ушбу қутлуғ айём кунларида ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Азиз дўстлар!
Бугунги тинч ва осуда кунларга етиб келишимизда албатта ватан ҳимоячиларининг хизматлари беқиёсдир. Туманимизда биз билан бирга яшаб 2-жаҳон урушида фронт ортида хизмат қилган 35 нафар, Афғонистонда олиб борилган курашларда 258 нафар, Чернобил воқеаларида 29 нафар ҳамқишлоқларимиз Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидай асраган. Шунингдек, Жонажон ватанимиз сарҳадларини қўриқлашдек масъулиятли вазифани адо этиш жараёнида жонини фидо қилган туманимиз ўғилонларидан Элмуроджон Абдулқосимов, Исломбек Ўринбоев каби мард ва жасур йигитларимизнинг кўрсатган хизматлари ҳамиша эътирофга лойиқдир. Биз бу жасоратли харбийларимизни доимо фахр ва ғурур билан ёдга оламиз ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда намуна қилиб кўрсатамиз.
Ҳурматли меҳмонлар!
Куни кеча Муҳтарам Президентимиз томонидан Тинчлик ва Хавфсизлик масалаларига бағишланган кенгайтирилган йигилишда юртимизда мудофаа йўналишида бажарилиши керак бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Сохада фаолият олиб бораётган харбий хизматчиларга бир қатор имтиёзлар берилиши айтиб ўтилди. Жумладан харбий хизматчиларнинг ойлик иш ҳақлари бу йил 20 % га келгуси йилда 50 % оширилиши белгиланди. Муддатли харбий хизматни ўтаган ёшлар учун ҳам олий таълим муассасаларига киришда ва кейинчалик уларни иқтисодий қўллаб-қувватлашда ҳам қатор имтиёзлар берилиши белгиланди.
Ушбу йиғилишида «Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда»,– деди давлат раҳбари.
Шу боис, тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслигимиз лозимлиги таъкидланди.
Азиз тадбир қатнашчилари!
Мамлакатимизда байрам шукуҳи кезиб юрган ушбу паллада туман Мудофаа бўлими биносини таъмирлашга 2 млрд. 454 млн. сўм маблағ ажратилиб харбий хизматга чақирилувчилар ва хизмат вазифасини олиб борувчи ходимлар учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган барча шарт-шароитлар яратилган бинони бугунги байрам арафасида фойдаланишга топширар эканмиз, фаолиятингизда Ватанимиз тинчлиги, фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилишларинга ишонамиз.
Қадрли Ватан ҳимоячилари!
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Эътиборингиз учун рахмат!
