Фарғона туманида томорқадан унумли фойдаланиш орқали экспортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда
2026-01-07 17:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, ҳудудда иссиқхоналар сони йилдан-йилга ортиб, айрим йўналишлар «драйвер» соҳага айланиб улгурди.
Фарғона туманидаги Гузар маҳалласида истиқомат қилувчи Абдурасул Аҳмедов ҳам ана шундай ташаббускор томорқа эгаларидан. Унинг айтишича, маҳаллада сўнгги йилларда қалампир етиштириш бўйича аҳоли тажрибаси ортган ва мазкур экин тури юқори даромад келтираётган йўналиш сифатида шаклланган.
Маълумотларга кўра, 2025-йилнинг ноябрь ойида иссиқхонага экилган кўчатлардан бугунги кунда ҳосил олиш ишлари бошланган. 18 сотиқ майдонда ташкил этилган иссиқхонада замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилган бўлиб, бу экинларнинг ўсиши ва ҳосилдорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, маҳаллада етиштирилаётган қалампир маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Бу эса ер майдонларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда. Ушбу жараёнда маҳсулотларнинг сифатли ва зарарсиз бўлиши, фитосанитар талабларга тўлиқ риоя этилиши муҳим омил ҳисобланади.
Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Фарғона туман бўлими карантин инспекторлари томонидан доимий равишда ер эгаларига амалий кўмак ва тавсиялар бериб борилмоқда.



