Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги
2025-08-27 18:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам Данғараликлар, қадрли ватандошлар!
Шу кунларда барчамизнинг қалбларимизда шукроналик, юракларимизда қувонч ҳукм сурмоқда. Биз энг улуғ, энг азиз айём –мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрамини “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган улуғ шиор остида кенг нишонламоқдамиз.
Тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилган Мустақиллик – бу эл-юртимиз учун эркинлик, тинчлик ва фаровонлик тимсоли, келажакка ишонч манбаи бўлиб қолмоқда. 34 йил мобайнида қўлга киритилган юксак ютуқ ва зафарларимиз асрларга татигулик аҳамият касб этмоқда.
Бугун Ўзбекистон – жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлган, тинч ва мустақил сиёсат олиб бораётган, юксак мақсадлар сари дадил қадам ташлаётган давлат сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва яратилган имкониятлар дунё ҳамжамияти эътиборида. Бу жараёнларда Данғара тумани аҳолиси ҳам ўзининг фидойи меҳнати ва ташаббускорлиги билан муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Қурилаётган янги уй-жойлар, таъмирланаётган йўллар, ободонлаштирилаётган маҳаллалар – бундай янгиланишларнинг ёрқин ифодасидир.
Ҳурматли юртдошлар!
Мустақиллигимизнинг ҳар бир тонгида биз шукроналар айтамиз. Чунки тинчлик – барқарор ҳаёт кафолати, халқлар тотувлиги – фаровонликнинг асоси, эркинлик эса тараққиёт йўлидир. Мана шу неъматларнинг барчаси “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни янада юксак маънода ифодалайди. Бу йилги байрам тантаналари ҳам миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун ҳолда, халқимиз бирлиги, меҳри ва келажакка ишончи рамзидир. Туманимизнинг меҳнаткаш, сахий ва тадбиркор халқи доимо буюк Ўзбекистонимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ва албатта, бундан буён ҳам қўшишда давом этади.
Муҳтарам дўстлар, азиз нуронийларимиз, қадрли опа-сингиллар, келажагимиз ворислари бўлган– ёшларимиз! Сизларни яна бир бор мустақиллигимизнинг 34-йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман. Хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик, оилаларингизга қут-барака тилайман. Юртимиз хамиша тинч, осмонимиз мусаффо истиқлолимиз абадий бўлсин!
