“Аёллар дафтари” имконият яратмоқда
2025-07-28 17:45:00 / Янгиликлар

Данғара тумани Бойбўта маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нишонова Зарифа Умаровна “Аёллар дафтари” орқали давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли банк кредити имкониятларидан самарали фойдаланиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади.
Маҳалласида фаол, ишбилармон аёл сифатида танилган Зарифа Умаровна тадбиркорликка қадам қўйиш орқали нафақат шахсий даромад манбаини шакллантирди, балки бошқа аёллар учун ҳам намуна бўла олди. У олаган имтиёзли банк кредити асосида тикувчилик цехи ташкил этди ва айни пайтда маҳалладош хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам улгурди.
— Президентимиз томонидан яратилаётган имкониятлар, хусусан “Аёллар дафтари” орқали кўрсатилаётган амалий ёрдамлар мен каби ўз ишини бошлашни истаган аёллар учун катта таянч бўлмоқда, — дейди Зарифа Умаровна. — Ҳозирги кунда иш ўринларини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ниятимиз бор.
Унинг ташаббуси маҳаллада ижобий кайфият уйғотиб, хотин-қизларнинг иқтисодий жиҳатдан фаоллашувига туртки бўлмоқда. Мазкур лойиҳа орқали бир қанча хотин-қизлар учун доимий даромад манбаи яратилди.
Таъкидлаш жоиз, “Аёллар дафтари” механизми орқали мамлакатимизда минглаб аёллар имтиёзли кредитлар, малака ошириш курслари ва бошқа турдаги қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиб, тадбиркорликка қадам қўймоқда. Бу эса жамиятда хотин-қизларнинг нуфузини янада ошириб, оилаларда барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.






