Халқ депутатлари Данғара туман Кенгашининг VII чақириқ 29-сессияси бўлиб ўтди
2026-10-21 15:00:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Данғара туман Кенгашининг VII чақириқ 29-сессияси бўлиб ўтди
Сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, кун тартибига киритилган масалаларга дахлдор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессияни Халқ депутатлари Данғара тумани Кенгаши раиси Дадабоев Қаюмжон Қодирович очди ва олиб борди.
Дастлаб, туман прокурори Бобохонов Акмалжон Ғоппорович томонидан 2026 йилнинг 9 ойи давомида жиноятчиликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Шунингдек, туман ИИБ бошлиғи Бозорбоев Жаҳонгир Ҳаётжонович ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикаси, коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Сессияда туман ҳокими биринчи ўринбосари Усмонов Иқболжон Бахтиёрович томонидан туман маҳаллий бюджетининг 2026 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш масаласи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ-193-сон Фармони ижроси юзасидан туманда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Данғара туманидаги Халқ қабулхонасининг 2026 йил 9 ойлик фаолияти якунлари, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2027 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва уларни захирага қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси даромадлари ва харажатлари ижроси, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғориш тармоқларида сувни тежаш технологияларини кенгайтириш ҳамда «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасининг 2026 йилги вегетация даври ҳисоботи юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан масалалар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш масъул ташкилот ва идоралар зиммасига юклатилди.






