Данғара туманида интенсив мевали боғларни барпо этиш бўйича ўқув семинари ўтказилди
2026-07-11 10:00:00 / Янгиликлар

Данғара туманида интенсив мевали боғларни барпо этиш бўйича ўқув семинари ўтказилди
🔷Вилоят ҳокими Х. Бозоровнинг Данғара туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туманда серҳосил ва юқори даромадли ин-витро кўчатларини экиш ишларини кенгайтириш юзасидан "Саодат кўрки боғистони" фермер хўжалигида ўқув семинари ташкил этилди.
🔷Семинарда туман ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъуллари, ҳоким ёрдамчилари, ижара асосида ер майдонларидан фойдаланаётган ер эгалари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
🔷Тадбир давомида мутахассислар томонидан Данғара туманининг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган интенсив мевали кўчатларни танлаш, уларни экиш, парваришлаш, замонавий суғориш тизимларини жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ва экспортбоп маҳсулот етиштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
🔷Мутахассисларнинг тавсияларига кўра, Данғара туманининг тупроқ-иқлим шароитига Испания, Англия, Италия ва Туркия селекциясида яратилган юқори ҳосилдор ҳамда экспортбоп инвитро мевали кўчатлари, шафтолининг «Экстрем-Бюти», «Лусияна», «Бигбен», «Маната» ва «Фантазия» (нектарин), бодомнинг «Авижор», «Мардия» ва «Виальфас», олхўрининг (слива) «Блексплендр», «Блекдиамонд» ва қуритиш учун мўлжалланган «Стелли», шунингдек, ўрикнинг «Приция», «Микадо» ва «Вандеркот» навларини экиш тавсия этилди.
🔷Семинар якунида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан интенсив боғлар майдонини кенгайтириш, аҳолини замонавий агротехнологиялар асосида ишлашга ўргатиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда вилоят ҳокими томонидан берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.









