ЭЪЛОН Реновация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича хусусий инвесторлар учун Дастлабки малака босқичи эълон қилинади
2026-06-19 12:35:00 / Янгиликлар

ЭЪЛОН Реновация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича хусусий инвесторлар учун Дастлабки малака босқичи эълон қилинади
“Фарғона инвест компанияси” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳокимининг 2026 йил 17 июндаги 310-11-0-Q/26-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бешариқ, Бағдод, Данғара ва Ўзбекистон туманларида реновация лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш бўйича Дастлабки малака босқичи эълон қилинганлигини маълум қилади.
Мазкур лойиҳалар Бешариқ, Бағдод, Данғара ва Ўзбекистон туманларининг архитектуравий қиёфасини янгилаш, аҳоли учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини шакллантириш, эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ҳамда маънан эскирган икки қаватли, якка тартибдаги уй-жойлар ва нотурар объектлар ўрнида замонавий кўп квартирали турар-жой мажмуаларини барпо этиш мақсадида амалга оширилади.
1. Лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудлар
Дастлабки малака босқичи қуйидаги ҳудудлар бўйича ўтказилади:
- Бешариқ тумани
- Бағдод тумани
- Данғара тумани
- Ўзбекистон тумани
Ҳар бир ҳудуд бўйича реновация лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий инвесторлардан таклифлар қабул қилинади.
2. Дастлабки малака босқичининг мақсади
Дастлабки малака босқичининг асосий мақсади - реновация лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий, ташкилий, техник ва амалий салоҳиятга эга бўлган хусусий инвесторларни аниқлаш ҳамда кейинги босқичларда иштирок этиш учун муносиб талабгорларни саралашдан иборат.
3. Инвесторларга қўйиладиган асосий талаблар
Дастлабки малака босқичида иштирок этиш истагини билдирган талабгорлар қуйидаги йўналишлар бўйича баҳоланади:
- реновация, кўп квартирали уй-жойлар қурилиши ёки йирик қурилиш-инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаси;
- лойиҳани молиялаштириш имконияти ва молиявий барқарорлиги;
- қурилиш, лойиҳалаштириш, шаҳарсозлик ва муҳандислик инфратузилмаси бўйича ташкилий-техник салоҳияти;
- аҳоли манфаатларини таъминлаш, кўчириш, компенсация ва келишув жараёнларида қонунчилик талабларига риоя қилиш имконияти;
- замонавий архитектура, энергосамарадорлик, қулай яшаш муҳити ва ижтимоий инфратузилма талабларини инобатга олган ҳолда лойиҳани амалга ошириш таклифи.
4. Талабгорлар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар
Дастлабки малака босқичида иштирок этиш учун талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- Дастлабки малака босқичида иштирок этиш тўғрисида ариза.
- Юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
- Талабгорнинг таъсис ҳужжатлари ва раҳбар ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар.
- Охирги ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботлар ёки молиявий барқарорликни тасдиқловчи маълумотлар.
- Қурилиш, инвестиция ёки реновация йўналишида амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот.
- Лойиҳани молиялаштириш манбалари бўйича дастлабки маълумот.
- Таклиф этилаётган реновация лойиҳаси бўйича концептуал ёндашув.
- Аҳоли билан ишлаш, компенсация ва кўчириш жараёнларини қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш бўйича таклиф.
- Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот.
- Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар.
5. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати ва тартиби
Талабгорлар томонидан Дастлабки малака босқичида иштирок этиш учун ҳужжатлар ушбу эълон расмий эълон қилинган кундан бошлаб белгиланган муддат давомида қабул қилинади.
Ҳужжатлар “Фарғона инвест компанияси” АЖга ёзма шаклда ёки электрон тарзда тақдим этилади.
Манзил: Фарғона вилояти, Фарғона эко шаҳар “Фарғона Экспо Xaлқаро кўргазмалар маркази” 2-қават 10-хона
Телефон: 99-363-39-37, 97 557 22 50
Электрон почта: fargonainvest@info.uz
Расмий веб-сайт: fargonainvest.uz
6. Муҳим шартлар
Дастлабки малака босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар кейинги босқичларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Дастлабки малака босқичидан ўтиш талабгорни лойиҳани амалга оширувчи инвестор сифатида якуний танланганлигини англатмайди. Инвесторни танлаш ва лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги жараёнлар амалдаги қонунчилик талаблари, Фарғона вилояти ҳокимининг тегишли қарори ҳамда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.
7. Ҳуқуқий асослар
Мазкур Дастлабки малака босқичи қуйидаги ҳужжатлар асосида эълон қилинмоқда:
- Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 6 сентябрдаги ПФ-135-сон Фармони;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 февралдаги ПҚ-61-сон қарори;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги ПФ-29-сон Фармони;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, 08.04.2026 йилдаги 151-сон қарори
- Фарғона вилояти ҳокимининг 2026 йил 17 июндаги 310-11-0-Q/26-сон қарори.
“Фарғона инвест компанияси” АЖ Реновация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ваколатли ташкилот.
