ҒАЛЛА ЎРИМ-ЙИҒИМИНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИБ, МЎЛ ҲОСИЛ ОЛИШГА ЭРИШИНГ ВА ДАВЛАТГА ДОН СОТИШ МАЖБУРИЯТЛАРИНИ УНУТМАНГ!
2026-06-13 09:00:00 / Янгиликлар

ҒАЛЛА ЎРИМ-ЙИҒИМИНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИБ, МЎЛ ҲОСИЛ ОЛИШГА ЭРИШИНГ ВА ДАВЛАТГА ДОН СОТИШ МАЖБУРИЯТЛАРИНИ УНУТМАНГ!
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг
МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар!
Мамлакатимизда лафзи ҳалол деҳқон ва фермерларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига далаларда улкан ғалла ҳосили яратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган кўплаб фармон ва қарорлар, Сиз, азиз деҳқон ва фермерларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги улкан ютуқларингизга мустаҳкам замин яратмоқда.
Айни пайтда республикамизнинг кўплаб туманларидаги фермер хўжаликлари ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан олиб бориб, давлат захирасига ортиғи билан дон топширмоқда ва етиштирилган мўл ҳосил эвазига катта даромадга эга бўлмоқда.
Масалан, Хонқа туманидаги кўплаб ғаллачилик фермер хўжаликлари ҳозирнинг ўзидаёқ ҳар гектар майдондан 100-110 центнердан ошириб, юксак хирмон кўтаришга эришдилар. Шу тумандаги 20 та фермер хўжалиги 110-130 центнердан ортиқ ҳосил олгани таҳсинга лойиқдир. Жумладан, “Қурамбой темирчи” фермер хўжалиги жорий мавсумда 30 гектар майдонда етиштирилган ғалладан ҳар бир гектардан 133 центнер, “Амин Чакан” фермер хўжалиги 35 гектар майдондан 118 центнер, “Тўтижон Бекметова” фермер хўжалиги 36 гектарда 117 центнер, “Зеваржон Сарвиноз” фермер хўжалиги 35 гектар майдонда 115 центнер ҳамда “Матёқубов Акмал” фермер хўжалиги аъзолари жорий мавсумда 34 гектар майдонда етиштирилган ғалладан гектарига ўртача 110 центнердан ҳосил кўтариб, давлат хирмонига белгиланган донни ортиғи билан сотишди ва ўз даромадларини оширдилар.
Азиз фермерлар!
Ғаллачилик борасида яратилган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланинг, Президентимизнинг 2026 йил 8 майдаги “Ғўза ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-82-сонли фармони ва бошқа қарорлар билан Сиз фермерларга қатор имтиёзлар берилди. Жумладан:
-буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қоплаган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик пункт маблағлари фермер хўжаликларига қайтариб берилади;
-2026 йил ҳосилидан бошлаб ғаллани ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, уни белгиланган тартибда биржа савдолари ёки давлат ресурси учун реализация қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади;
-2026 йилдан банк кредитларини олмасдан, ўз маблағлари ҳисобидан ёмғирлатиб суғоришни жорий қиладиган фермерлар учун шартномалар асосида субсидиянинг 50 фоизи олдиндан ажратилаши ҳамда технологиялар ўрнатилиб, ишга туширилгандан сўнг қолган 50 фоизи тўлаб берилиши йўлга қўйилди;
-давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти бекор қилиниб, соҳада босқичма-босқич бозор тамойилларини жорий этилди;
-фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан эркин фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва ресурс етказиб берувчиларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилди;
-донни харид қилиш ҳамда сотишда биржа механизмининг жорий этилиши каби имтиёзлар қўлланилаётгани туфайли фермерларнинг маблағлари тежаляпти ва иқтисодий имкониятлари ошаяпти ҳамда ғалладан юқори ҳосил олиш учун пухта замин яратилди.
Қадрли фермерлар!
Ҳар бир кун ғанимат эканлигини теран ҳис этган ҳолда қуйидаги ишларни ўз вақтида амалга оширишни унутманг!
биринчидан, етиштирган ҳосилни қисқа муддатларда йиғиштириб олинг, ҳатто бир кун бўлса-да, ўримни кечиктирсангиз, ҳар кунига бир центнердан ҳосилдорлик йўқотишингиз мумкин. Ғаллани давлат захирасига сотиб, зиммадаги мажбуриятингизни тўлиқ бажаришга эришинг ва давлат жамғармасидан олинган имтиёзли кредитларни ўз вақтида қайтариб, 4 фоизли имтиёзга эга бўлинг;
иккинчидан, ҳар гектар майдондан 100 центнердан ва ундан ортиқ ҳосилдорликка эришиб, юқори даромад олинг;
учинчидан, ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш сомондан тозалаб, даромадли ва экспортбоп экинларни экишни ташкил этинг;
тўртинчидан, маҳаллангиздаги кам таъминланган оилаларга, ёшларга ҳамда хотин-қизларга такрорий экин экиш учун ер ажратиб, саховатпешалик қилишни унутманг;
бешинчидан, мамлакатимиз аҳолисини сифатли нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашда беминнат ҳисса қўшинг.
Халқимизнинг фаровон яшаши ва дастурхонимизнинг тўкин-сочин бўлиши, бозорларимиз нон ва нон маҳсулотларга тўла ва арзон, турмушимиз янада фаровон бўлиши айнан Сизнинг бугунги ғалла ўримини уюшқоқлик билан ўтказишга ва давлат захирасига сотишга боғлиқлигини унутманг.
Мамлакатимиз тараққиёти ва юксалишига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни фидойилик билан сидқидилдан ишлашга чорлаймиз!
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзолари
