“Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!”
2026-05-25 08:50:00 / Янгиликлар

“Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!”
🔷Данғара туманининг энг чекка ҳудудларидан бири саналган Абдусамад МФЙда жойлашган 11-умумтаълим мактабида “Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири юқори савия ва кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.
🔷Мазкур тадбирда Данғара тумани ҳокими ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари иштирок этиб, битирувчиларни ҳаётларидаги энг қутлуғ ва унутилмас кун билан самимий муборакбод этдилар.
🔷Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи ва эзгу тилаклари йиғилганларга алоҳида руҳ ва илҳом бағишлади.
🔷Тадбирда олис ҳудудларда таълим олаётган ёшлар учун ҳам яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг билим олиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун кўрсатилаётган эътибор алоҳида таъкидланди.
🔷Шунингдек, ўқишда, спортда ва жамоат ишларида фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
🔷Сўнгги қўнғироқнинг жарангдор садоси битирувчилар учун болалик билан хайрлашув, орзу ва мақсадлар сари янги ҳаёт эшигини очган унутилмас лаҳзага айланди. Қўлларида гул, кўзларида ишонч билан саф тортган ёшлар устозлари ва ота-оналарига чексиз миннатдорлик изҳор этдилар.









